Сирдарё вилоятида соғлиқни сақлаш тизимининг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмлари бўйича тажриба-синов лойиҳаси ўтказилади. Оилавий шифокор, терапия ва педиатрия бўйича ёрдамчилар, ҳамшира ва доядан иборат гуруҳлар тузилади. Бепул тиббий хизматлар ва дори воситалари пакети ишлаб чиқилади. Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ташкил этилмоқда.
https://static.norma.uz/documents/2/4890.pdf
Давлат раҳбарининг 12 ноябрдаги «Соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини Сирдарё вилоятида жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Ҳужжатга мувофиқ, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари асосида Сирдарё вилоятида соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этиш бўйича тажриба-синов лойиҳаси ўтказилади.
Тажриба-синов лойиҳаси доирасида:
- бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида оилавий шифокор, унинг ўрта тиббиёт ходимларидан иборат терапия ва педиатрия бўйича ёрдамчилари, патронаж ҳамширалари ва доядан ташкил топган гуруҳлар тузилади;
- ҳар бир тиббиёт муассасаси даражасида давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий хизматлар ва дори воситалари пакети ишлаб чиқилади;
- кафолатланган пакет бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари ва шифохоналарда Ўзбекистон фуқаролари, мамлакатда доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга тақдим этилади. Бунда оилавий шифокор тор соҳа шифокорларига ва зарур ҳолларда туман, вилоят ҳамда республика шифохоналарига йўлланмалар беради. Республика даражасидаги шифохоналарга йўлланмалар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан тасдиқланади. Ушбу тартибга риоя этилмаган ҳолларда, шунингдек, кафолатланган пакетга киритилмаган тиббий хизматлар пуллик асосда кўрсатилади;
- аҳолининг соғлиғи билан боғлиқ кўрсаткичларини мониторинг қилиш, уларни тиббиёт муассасасига бириктириш, касаллик тарихини юритиш, рецепт ёзиш ва тиббиёт муассасаларига йўналтириш ягона электрон платформа орқали амалга оширилади;
- тиббиёт ходимларининг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) ишлаб чиқилиб, унга эришиш ҳолати мониторинг қилинади ва натижаларга қараб рағбатлантирилади;
- аҳолининг барча қатламларига сифатли ва тўлиқ тиббий ёрдам кўрсатилишини молиялаштиришга қаратилган давлат тиббий суғуртаси механизмлари босқичма-босқич жорий этилади.
Бунинг учун тегишли вазирликлар томонидан 2021 йил 1 февралга қадар кафолатланган пакетга киритиладиган тиббий хизматлар ва дори воситалари ҳажми, шунингдек, тиббиёт ходимларини баҳолаш мезонлари ва рағбатлантириш тартиби ишлаб чиқилади.
Ҳужжат билан, тажриба-синов лойиҳаси доирасида аҳоли мавжуд хавф омилларидан келиб чиқиб хавф гуруҳларига бўлинади. Ўрта ва юқори хавф гуруҳларидаги аҳоли тиббий кўриклардан ўтказилади ва саломатлиги даврий кузатувга олинади. Юқори хавф гуруҳидаги ва тиббиёт муассасасига кела олмайдиган беморлар доимий кузатувга олинади ва уйига борган ҳолда тиббий хизмат кўрсатилади.
Профилактик кўриклар ўрнига, ҳудуд хусусиятларига кўра, муайян касалликлар бўйича мақсадли скрининг текширувлари ўтказилади. Патронаж кўриклари оптимизация қилинади ва янги мақсадли патронаж тизими жорий этилади.
Сирдарё вилоятида жорий қилинаётган янги тиббий профилактика ва патронаж тизимини ўргатиш бўйича ўқув курсларини ташкил қилинади.
Тажриба-синов лойиҳаси якунларига кўра, мазкур бандда назарда тутилган тизимни республиканинг бошқа ҳудудларида қўллаш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритилади.
Қарорга мувофиқ, 2020 йил 1 декабрдан Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ташкил этилмоқда. Унинг ижро этувчи аппарати бошқарув ходимлари чекланган сони 46 нафар этиб белгиланди.
Жамғарма давлат тиббий суғуртаси тизимини жорий этади. Аҳолининг барча қатламларини кафолатланган пакет доирасида сифатли ва зарур тиббий ёрдам билан таъминлаш мақсадида тиббий хизматлар стратегик хариди тизимини жорий этилади.
Тажриба-синов лойиҳасининг натижаларига кўра, давлат тиббий суғуртаси тизими республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам босқичма-босқич жорий этилади.
Лойиҳа доирасида 2021 йил 1 июлдан бошлаб Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш тизими ташкилотларини молиялаштириш учун Давлат бюджетидан маблағлар Жамғарманинг алоҳида шахсий ғазна ҳисобварақларига босқичма-босқич ўтказиб берилади.
Жамғарма тиббиёт ташкилотлари билан шартномалар тузиш орқали улар фаолиятини молиялаштириб боради. Бунда, туман (шаҳар) ва вилоят даражасидаги шифохоналарга ажратиладиган маблағларнинг 10 фоизидан кам бўлмаган қисми ҳар бир даволанган ҳолатлар сони ҳамда бажарилган ишлар ҳажмидан келиб чиқиб белгиланади.
Кафолатланган пакет асосида тиббий хизматлар кўрсатишга нодавлат тиббиёт ташкилотлари ҳам жалб қилиниши мумкин.
Ажратилган бюджет маблағларининг самарадорлиги ва натижадорлиги Жамғарма томонидан доимий мониторинг қилиб борилади.
2021 йил 1 майга қадар тиббиёт муассасаларига бириктирилган аҳоли хатловдан ўтказилади. Уларнинг соғлиги ва касалланиш кўрсаткичлари бўйича электрон маълумотлар базаси шакллантирилади.
2021 йил 1 июлга қадар «электрон поликлиника» ва давлат тиббий суғуртасининг ахборот тизимлари ҳамда маълумотлар базаси яратилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Ш.Иноятов) ва Сирдарё вилояти ҳокимлиги (Ғ.Ғ.Мирзаев) икки ой муддатда вилоят даражасидаги тиббиёт муассасалари фаолиятини ўрганади. Улар негизида «тиббиёт кластери»ни ташкил қилиш бўйича Ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқади. Мазкур ҳужжат лойиҳасида самарасиз фаолият юритаётган бўғинларни қисқартириш, қайта мослаштириш ва бошқарув харажатларини мақбуллаштириш кўзда тутилган. Шу билан бирга, Гулистон тиббиёт коллежи негизида тиббиёт олий таълим муассасасини ташкил этиш учун хусусий секторни жалб қилиш режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, президентнинг 10 ноябрдаги қарори билан, 2021 йил 1 январдан Сирдарё вилояти кўп тармоқли марказий поликлиникаларида тажриба тариқасида «Тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи» хоналари ташкил этилмоқда. Ушбу хоналарда тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзини юритиш бўйича махсус тайёргарликдан ўтган шифокор ва ўрта тиббиёт ходимлари фаолият юритади. Улар аҳолига тўғри овқатланиш, соғлом турмуш тарзи ва жисмоний фаоллик масалаларида маслаҳатлар бериб боради.