«Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Президент фармони ва уни 2022 йилда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари 14 январга қадар 43 мингдан ортиқ кўрилган, 525 та таклиф билдирилган. Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган брифингда Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева маълум қилди.
Олиб борилган қизғин ва жиддий муҳокамалар асносида фақатгина электрон платформалар орқали жами 17 535 та таклиф, шу жумладан, «Тараққиёт стратегияси» марказининг 2022-2026.strategy.uz махсус веб-сайтига жамоатчилик муҳокамасига қўйилган даврдан то 2022 йилнинг 15 январь кунига қадар жами 15 028 та, jamoatchilik.uz веб-сайтига жами 1 148 та, regulation.gov.uz веб-сайтига жами 525 та, @YangiTaraqqiyotStrategiyasi ва @dscuzbekistan телеграмм каналлари орқали 834 та таклиф келиб тушди.
Лойиҳада кўп соҳалар бўйича янги тартиб-қоидалар, хусусан аҳоли ва тадбиркорлар учун енгиликлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятидаги ўзгаришлар, давлат бошқаруви органлари фаолиятини трансформация қилиш борасидаги янги ислоҳотлар ўз аксини топган.
Жумладан, давлат бошқаруви органларининг “Давлат – инсон учун” тамойили асосида ҳудудий масалаларни ҳал қилишдаги масъулияти ва жавобгарлигини кучайтириш ҳамда уларнинг стратегик йўналишларни режалаштиришга қаратилган янги тизим яратилади.
Унга кўра, 2022 йил 1 июлдан бошлаб:
барча бўғиндаги давлат бошқаруви органларининг бир йиллик иш дастурини, шу жумладан жамоатчилик иштирокида ишлаб чиқиш, уларнинг ижро ҳолатини доимий эълон қилиб бориш амалиёти йўлга қўйилади;
давлат бошқаруви органлари томонидан қабул қилинаётган қарорларнинг ижро этилиши жараёнини жамоатчилик томонидан кузатиб бориш тизими яратилади;
Бундан ташқари, лойиҳада хусусий мулк дахлсизлиги ва ҳимояси кафолатларини кучайтириш, мулкий, шу жумладан ер участкасига бўлган ҳуқуқларни сўзсиз таъминлаш борасида ҳам муҳим режалар белгиланган.
Хусусан:
– мулкий, шу жумладан ер участкасига бўлган ҳуқуқлар билан боғлиқ барча маъмурий ҳужжатларни қатъий равишда фақат суд тартибида бекор қилиш ёки ҳақиқий эмас деб топиш амалиётини жорий этиш;
– иқтисодий судларда мол-мулкка бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисидаги даъволар юзасидан регрессив (камайиб борувчи) давлат божи ставкаларини қўллаш;
– давлат идорасининг расмий маълумотига ишониб мол-мулк сотиб олган шахснинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш тизимини жорий этиш;
– инсофли эгалловчининг мулкий ҳуқуқларини кафолатлаш ва мулкдорнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашнинг молиявий механизмларини қўллаш тартибларини жорий қилиш белгиланмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, Фармоннинг қабул қилиниши натижасида келгуси йилларда 7 устувор йўналишлар бўйича вазифалар белгилаб олинади ва халқимиз фаравонлиги, юртимиз равнақи йўлида амалга ошириладиган ислоҳотлар кенг кўламда давом эттирилади.